Экошеър
Ҳавони чанг босди, тиниқлик қайда,
Буғилган нафасинг сиқилар абгор.
Автолар тупурар оғудай заҳар,
Шаҳарнинг кўксида бурқсийди ғубор.
Осмонинг чўкмасин, дуо қил элим.
Тўзонга кўниккан кўчалар мунгли,
Тоза нафас излаб топмоқлик душвор.
Дарахтлар мунғаяр, гурланар хазон,
Одамлар кўзида ваҳима ошкор.
Тупроғинг топтама, қадрин бил элим.
Булутлар ичмасми уммон заррасин,
Ҳамнафас осмонинг эмасми зангор.
Чўкинди шамоллар ҳамдард бўлолмас,
Тутундай ўрлаган ҳавода занг бор.
Инсон ўксимасин, хушёр бўл элим.
Қайлардан излайсан ёмғирдай раҳмат,
Пишқириб оқмайди лойланган анҳор.
Мустажоб амаллар барқарор бўлсин,
Замину замонни қийнаманг зинҳор.
Мусаффо туйғуга қониб тўл элим.
Ёмғир ювиб қўйса покланар борлиқ,
Ҳар бир томчисида бир денгиз-ансор,
Она табиатни асрайлик жондай,
Озода маконда яшиллик асрор.
Осмонинг чўкмасин, дуо қил элим.
Изоҳ: “ансор”- мададкор.
Муслима ҲАМРОЗ
28.11.2025 йил


