Тубсизлик
Боқсам туннинг қора кўзлари жоду,
Тубсиз қароғига кетаман чўкиб.
Унда қора туйнук ҳаётни ютмиш,
Юм-юм йиғлайвердим ғам-қайғу чекиб.
Тонглар оқарарми кўнгил уфқида,
Зим-зиё тушимдан кетяпман қочиб.
Йўқсизлик қуйилар туннинг қўйнига,
Ҳарирдайин заррин зарралар сочиб.
Пардалар қатидан яширин нурлар,
Мўралаб боқаркан кетади чўчиб.
Кузатиб бўларми борлиқ асрорин,
Қалбим тебранади туйғуни ичиб.
Тўлқин қанотида хаёлим учқур,
Кўрмоқчи бўлади самони очиб.
Ёлғончи тасвирлар ялтираб турса,
Томоша сеҳридан бўларми кечиб?!
Муслима ҲАМРОЗ
21.11.2025 йил
Подписаться
0 комментариев
Старые


