Қалқиб турса
Шамол шошиб кўлнинг кафтига қўнди,
Бир жуфт нилуфаргул уйғонди тиниқ,
Нафосат ораста сузгайми энди.
*
Намозшомгул сокин шом чоғин кутди,
Қизарган чаманда шивирлар насим,
Дуолар тасбеҳин бирма-бир тутди.
*
Ўйноқи жилвалар кўзгуга дўнди,
Туйғулар сачрайди жизғанак куйиб,
Огоҳий нигоҳга кўнгиллар кўнди.
*
Мажнунтол эгилиб кибридан тонди,
Япроқлар тингламиш сойнинг қўшиғи
Кўнгиллар ишқ куйин тинглади, ёнди.
*
Ойдин дамда туннинг хаёли тинди.
Ҳаволанган кўнгил ҳовучи бўмбўш,
Билолдай жазбида нафс тиғи синди.
*
Оламнинг жамлиги Ёрга аёндир,
Қалбинг қадаҳида қалқиб турса май,
Сочилган туйғулар шаррорин ёндир.
Муслима ҲАМРОЗ
03.12.2025 йил
Подписаться
0 комментариев
Старые


