Виртуал сароб
Баъзан “телеграм” да турли ўзанларга дуч келиб қоласиз, беихтиёр аввал пешонасидаги ёзув, расм ва лавҳаларга диққат қаратасиз. “Интернет”дарчалари бирин-кетин очилаверади, ичкарига разм соласиз. Жимжимадор безатилган, аммо мантиқсиз ва сафсатабоз хабарлар қалқиб, оқиб келаверади. Қўлга олиб томоша қилмоқчи бўласиз, аммо, шу дамдаёқ ғулуга мойил хаёллар кўнгилга ғашлик бўлиб қуйилаётганини ҳис этасиз. “Телеграм” тилсими томирингизга оқиб кираётган туйғуларга қоришиб кетади. Унинг ўзанига туташиб оқаётганга ўхшайсиз, ўз вақтингизни беҳуда исроф қилишдан ўзингизни сақлаш имконидан маҳрумлигингизни ҳис қиласиз. Безовта бўлган кўнглингизни ғала-ғовурдан асрай олмайсиз. Афсус! Воз кечмоқни истайсиз бироқ, ўзанда ҳосил бўлган ўпқон сизни ўз домига торта бошлайди. Лайк, смайлик, аватар, ҳар хил белгили эффектлар ғашингизга тегади. Сизни фақатгина қирғоқ қутқариши мумкинлигини тушуниб етасиз. Майда-чуйда ва аҳамиятсиз тирбандликдан безиб, кўприк излайсиз улуғ йўлга бошлайдиган. У кўприкни фақат китоб оламидан топишингиз мумкин. Китоб саҳифаларидан ҳаёт ҳикматларини излайсиз, зиё нурига юз тутар экансиз у сизнинг қалбингизни юксалтиради. Виртуал дунёнинг саробларига алданиб қолмаслик учун хушёр тортиш фурсати келмадими?!
Муслима Ҳамроз
20.08.2025 йил


