Тоғнинг чўққисида чайқалар уммон
Қор ёғар, деразани очаман аста,
Зориққан бир илиқлик мўралар, ажаб.
Қортомчи жарангига тўлар бир пасда,
Кумуш туйғулар сочса кўнглимни безаб.
Қаҳратон музофотда кўклам яшнайди.
Қор ёғар, элагудек булутнинг юкин,
Боқ, тоғнинг чўққисида чайқалар уммон.
Оқпарқуш куйлаётир, қўшиғи сокин,
Сайригоҳ излагайми қорхаёл ҳамон.
Шимол буғуси қайтмиш, ўлкам қишлайди.
Қор ёғар, қор кечади оппоқ ёлли от,
Йўл чорлайди, чавандоз қўлида қамчи.
Қорбўрон орзуларга бағишлар қанот,
Босилган қордайин дил, эзилгай ғамчил.
Қадамида ўт чатнаб тулпор кишнайди.
Қор ёғар, ул оқ-оппоқ бокира, майин,
Осмону заминнинг ҳар суҳбати дилгир.
Маъво сирларин изҳор этгани сайин,
Мусаффо бир нафасга тўлгайми бағир.
Босилмаган қордайин умид яшайди.
Муслима ҲАМРОЗ
17.01.2026 йил


