Ўтга туташсин
Ҳаёт қозонида қайнар одамзод,
Ўт шавқида ҳислар ёнар, начора.
Қанча уринмасин хомлик нуқси бор,
Ҳарчанд пишиқликка етмас, бечора.
Нафси ғул-ғуласин ғовлатса учқун,
Тошар ҳою-ҳавас кўпик мисоли.
Риё тузоғига бўлгудай тутқун,
Идрок камолидан маҳрум аъмоли.
Жизғанак бўлибон ўтга туташсин,
Оташин ёнсин-да бирён қоврилиб.
Мағзида ҳикматни тугиб курашсин,
Шамолда сомонни сочиб, соврилиб.
Етуклик камтарлик кўркида аён,
Шов-шувлар алдамчи, қийнайди савол.
Дунё майдонида сарҳисоб туғён,
Сохтакор кўнглида топмасин завол.
Ҳақиқат ҳукмида тобланган эрса,
Фаҳмида тиниқлик бўлар намоён.
Хаёл тузоғига майлини берса,
Йўлдан адаштириб етаклар қаён?
Муслима Ҳамроз
14.11.2024 йил
Подписаться
0 комментариев
Старые


