Кўзларим акси
Замин қалқиб кетса олам титрайди,
Ичига сиғмайин тошади булоқ.
Найқамиш овози шамол бўғзида,
Созланган оҳига
соламан қулоқ.
Борлиқ сўзларида сўзларим акси.
Қўнғироқгул ногоҳ жиринглаб қолгай,
Сувсаган кактуснинг аҳволи тангроқ.
Майсалар бошини силаса сабо,
Осмоннинг чеҳраси очилгай кенгроқ.
Борлиқ юзларида юзларим акси.
Шалаббо бўлганин сезмай ётади,
Денгиз соҳилига сочилган қайроқ.
Саккизоёқ бўлар довул хабарчи,
Дарвиш қисқичбақа тўни – чиғаноқ.
Борлиқ изларида изларим акси.
Камалак етмиш хил кулса товланиб,
Кутганим, ичимда ёнади чироқ.
Самовот адоғин қучсам изланиб,
Сайёралар кўнглимдан кетмайди йироқ.
Борлиқ кўзларида кўзларим акси.
Муслима ҲАМРОЗ
18.02.2026 йил
Подписаться
0 комментариев
Старые


