Мумтозга ўхшар
Ғор яширган сўқмоқлар югуриб чарчамайди,
Чўққига қўнган булут сой йўлига кўз тикар.
Сир яширган кўнглингда тошлар ўсдими, айтчи,
Туйғу зилзиласидан омон қолса бир укпар.
Бу дунёнинг сурати моҳир дилрозга ўхшар.
Тоғлар кўчиб боради, ортидан эргашаман,
Томирлари тубига замон дардини тўкар.
Ҳаёт – оғир бир карвон, саҳроларда адашган,
Товонингдан олов ўт, учсин хаёлдан каптар.
Бу дунёнинг ҳайбати мағрур сарбозга ўхшар.
Дарё қирғоқдан тошиб, сузавергай тўлқинлар,
Шаршарадан бошлангай ернинг белида камар.
Қудуқ каби чўкасан тиниқ самога боқиб,
Ҳар заррангда сукунат, сўзлагил доим камтар.
Бу дунёнинг сийрати мумтоз ҳамрозга ўхшар.
Муслима ҲАМРОЗ
25.06.2026 йил
Подписаться
0 комментариев
Старые


