Чолғучи чал
Мусиқа ҳавога сингиб кетади,
Созанда хаёли ўйноқлар шоён.
Ҳар созга навбати қачон етади,
Калитнинг очқичи оҳангда аён.
Қўлларин силкийди у ён бу ёнга,
Дирижёр рақсига тасанно айланг.
Куй-қўшиқ созланиб келар қиёмга,
Нотадан нотага сирғалар оҳанг.
Хушовоз най чалар ором куйини,
Мусиқа кўнгилни уйғотар, тингланг.
Келтирар боғлардан райхон бўйини,
Қалбдаги ҳузурбахш туйғуни англанг.
Тановор янграса яйрайди кўнгил,
Булбулнинг хониши нақорат бўлсин.
Танбур изҳоридан қониқарми дил,
Чолғучи чал, олам шукуҳга тўлсин.
Муслима ҲАМРОЗ
06.10.2026 йил
Подписаться
0 комментариев
Старые


