Мақола

Ўзбек тили ёзувининг жилоси

Ўзбек тилининг жозибали қирралари маъно-ю мазмунида мужассам, мағзи тўқ, гўзал сурат ва сийратга эга. Унли-ю ундош, жарангли-ю жарангсиз, юмшоғ-у қаттиқ, узун-у қисқа, яқин-у узоқ, ўхшашу қарама-қарши, ранг-баранг товушлар ва уларнинг ёзма ифодаси алифбоимизда тўла қайд этилган. Ёзишмалар тарихи қадимга бориб тақалади, Ёзувларнинг келиб чиқиш тадрижи, мукаммаллик даври битиклари шундай мўъжиза-ки уларнинг ҳали бери сиёҳи қуримайди. Ёзувларга тақлид қилаверамиз, уларни ўз мазмунида безайверамиз, такрор-такрор уларга руҳ бағишлайверамиз ва чиройли ёзишдан тўхтамаймиз. Замонлар оша ёзувлар мукаммаллашиб бориши зарурият албатта, тошдаги, теридаги, матодаги ёзувлар қисман ўтмишда қолиб кетди, инсоният қоғоздаги ёзувга ҳам қаноат қилмай электрон ойналарга ёзишни кашф қилди.

Хушёр ва огоҳ бўлайлик-ки, қалам биланми, ручка биланми, бармоқ биланми, электрон воситалар биланми нима билан ёзсак ҳам тоза ва нуқсонсиз ёзайлик! Ўзбек тилига мос ва хос алифбоимизни ўз қўлларимиз билан ўзимиз мажруҳ қилиб ўлдирмайлик. Ўзимизни ҳам, ўзгаларни ҳам энг муҳими ўзбек тилимизни алдамайлик, уни муқаддас ва улуғ ишидан чалғитмайлик. Унутманг-ки, Ўў, Ққ, Ғғ, Ҳҳ ларнинг ўзигагина хос овози ва қиёфаси бор, кўринишидаги биргина камчилик ва хатолик уларнинг товушини ўзгартириб, бегонага айлантириб қўяди. Бу ҳолат айниқса, ўзбек кирил алифбосини қўллаб телефон, смартфон, ноутбук, планшет, компьютер каби электрон воситалардан фойдаланганда кузатилмоқда ва энг ачинарлиси оммавий тус олмоқда. Огоҳ бўлайлик, ёзувдаги хатоликлар  фикримизга ҳам ёмон таъсир этмасин. Оқибатда кўзингизни, қўлингизни, тилингизни, қулоғингизни ва қалбингизни нуқсонларга ўзингиз тўлдириб ташлашингиз эҳтимоли йўқ эмас.

Ёзувимизни қоидага амал қилган ҳолда жонлантирайлик ва руҳлантирайлик. Ўз ҳарфларимизни ўзимиз тўғри ёзайлик. Мана ўнгингиздан Ўў савлат тўкиб ўтиб бормоқда имло маконига. У ерда ўзининг ўрнини ўртаниб излайди. Ўз безагисиз бошяланг Ўў ўсал бўлмайди, деб ўйласангиз хато қилсиз. Ўйланиб ўтирмай, ҳурматини ўрнига қўйиб, бошига ўзига мос дўпписини қўндирсангиз айни муддао бўларди.

Мана таёқча-ю қийиқча, туёқчада илмоқча-Ққ тақиллаб келяпти. Унинг илмоқчасини тақиб қўмасангиз қувнамай қўяди. Қаранг ана шу илмоқчасиз Ққ чўлоққа ўхшаб қоляпти. Уни хафа қилмаслик, нуқсонда қийнамаслик учун ўз вақтида илмоғини қийшайтирмасдан нақ туёқчасига тақиб қўйсангиз қандай соз бўларди.

Ғалаба нашъаси ила сизни ғафлатдан уйғотиш учун Ғғ келяпти. Унинг белбоғини маҳкам боғламасангиз мунғайиб қолиши тайин. Белбоғсиз қолганда югурганича тинмай ғиззиллаб  гулдирайверади, белбоғ йўқчиллиги туфайли ғазабдан гезариб кетади. Ғғ чиройли ғўддайганида ғаройиб ғамзалари завқ уйғотади, ғазалидан гўзаллик яралади.

Ҳамон-ки икки қулоқ бир сирға Ҳҳ га ўхшаркан,  хол кўр, ҳол сўр. Ҳалимлик ҳамиша ҳамроҳингиз бўлсин, дея ҳиммат кўрсатиб юмшоқ Ҳҳ қалбингизни ҳилм қилади. Унга хуш суръат ҳавола этиш учун сирғасини қулоғига илиб қўйишни унутманг. Безагингиздан хушланиб, хулқи қаҳрдан фориғ бўлсин.

Ҳозирги замонда ёзувларсиз ҳаётимизни тасаввур қилолмаймиз, ёзиш ва ўқиш билан машғулмиз. Аммо, кўп ҳолларда хатосиз ёзяпманми, деган савол ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз, хато ва нуқсонга тўла ёзувимиздан ҳижолат чекмаймиз. Хатосиз ёзишни истайсизми? Ҳар доим имло қоидаларига амал қилган ҳолда ёзинг ва ёзувингизни диққат билан ўқиб, сабр-тоқат ила қайта-қайта текширинг, хатолар бўлса тузатиб, тўғрилигига амин бўлганингиздан сўнг уни қўлласангиз айни муддао бўларди. Шу тариқа сизда диққат қилиб хатосиз ёзиш кўникмаси ҳосил бўлганлигига ўзингиз гувоҳ бўласиз. Ёшидан қатъий назар ҳар бир инсон хатосиз ёзиш малакасини ривожлантиришга  кўпроқ китоб ўқиш ва зарур ҳолларда имло луғатига мурожаат қилиш орқали эришиши мумкин.

Тарихий манбаалардаги маълумотларга кўра Зарафшон дарёси атрофида яшаган халқлар араб истиллосидан аввал сўғд ёзувини қўллашган. Кейинчалик то 1928 йилгача ўзбек тили араб алифбеси асосида ёзилган. Ундан сўнг 1940 йилгача араб алифбеси ўрнига лотин алифбесига асосланган ёзувдан фойдаланишган. 1940 йилдан бошлаб ўзбек тили ёзуви учун кирилл алифбеси қўлланила бошланган. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, 1992 йилдан эътиборан лотин алифбесига асосланган ўзбек тили ёзувига босқичма-босқич ўтиш қабул қилинди.

Қайси алифбода ёзмайлик ўзбек тилимиз ўз жилосини йўқотмаслигига, хушсуръат кўринишини сақлаб қолишига, моҳиятидан маҳрум бўлиб ғализликларга сабаб бўлиб қолмаслигига ҳар биримиз масъулмиз. Ҳар доим ҳар қандай ёзувимизни чиройли ва нуқсонсиз ҳуснихатда битайлик, ўқиган кишининг баҳри дили яйрасин.

Муслима Ёдгорова, 23.07.2020 йил

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x