Коронавирус чангалида қолган орзулар
Кунларнинг бирида камтарлиги юз-кўзидан билиниб турган киши қўлида мактуб билан таҳририятга кириб келди. У саломлашгач қимтиниб стулга омонатгина ўтирди ва ўзини таништирди. Минг истиҳола билан ҳикоя ёзганлигини, уни бир кўриб беришимни илтимос қилиб сўради. Олий маълумотли ўрта ёшлардаги бу инсонда мужассам табиий ҳилмлик, ўзига хос сокинлик мени ҳайратга солди. Ҳам ҳайратландим, ҳам яхшилик ҳикматига дуч келгандек шодландим. Тортинчоқлигидан хижолат чекаётган Фарҳодни чалғитиш мақсадида унинг яшаш манзили, қайси касб билан шуғулланиши ҳақидаги саволларни бера бошладим. Суҳбат чоғида унинг ўзини хокисор тутишида ғўддайишга мойил кибру ҳаво устидан ғолиблик нашъасини ҳис қиляпман. Ажабо, кичкина хонага мусаффо оқим кириб келиши билан дунёларча кенгайиб кетганини ҳис қилиш мумкин бўлган ҳолат юзага келгандек гўё. Унинг юзига хайрихоҳлик билан боқдим, сўзларига эътибор билан қулоқ тутдим. Сезяпман дарди борга ўхшайди.
Дафъатан Фарҳод:
– Келинг биргаликда бирор бир оиланинг шажараси ҳақида китоб ёзайлик, бу китобни сотиб олувчиси ҳам, асраб- авайлагувчиси ҳам тайин,- деб қолди.
Ўйланиб унинг фикрини маъқулладим:
-Яхши ғоя, пиру бадавлат кексалари бор ибратли оила ҳақида керакли маълумотларни йиғиб ижод қиламиз, кейин эса китобни нашрга тайёрлашимиз мумкин.
Нега энди айнан оила шажараси ҳақида китоб ёзишни маъқул кўряпти? Ҳойнаҳой хаёлимдан шу каби фикрлар кечаётганини сезган бўлса керак:
– Мутахассислигим бўйича иш тополмаяпман, шу йўл билан оилам иқтисодига ҳар на мададкор бўлишдан умидворман, – деди у.
Ҳаёт ана шундай эзгу умидлар билан гўзаллигини, ижодга ҳавасмандлик саодатли эканлигини англаб етишнинг ўзи бахт. Фарҳод кетгач ваъдага кўра унинг қолдириб кетган қўлёзмасини ўқиб самимий фикрлар асосида қурилган жумлаларига иқрор бўлган ҳолда таҳрир қилиб, компьютерда босмадан чиқардим.
Таҳририят ҳузурида ташкил этилган ёш ижодкорлар тўгарагига уни ҳам аъзо қилиб, тўгарак бўлишидан олдин бир неча бор қўнғироқ қилиб гаплаша олмадим. Машғулот бўладиган куни яна қўнғироқ қилдим, ниҳоят Фарҳод телефон гўшагини кўтарди, унга таклифимни айтдим, шунда у:
-Жон деб машғулотга борардим, аммо узр бугун шаҳарда малака ошириш курсига ўқишга боришим керак, – деб жавоб берди.
Шу орада юртимизда коронавирус пандемияси бошланиб, карантин ҳолатлари эълон қилинди. Долзарб маълумотлар кўплиги туфайли Фарҳоднинг ҳикоясини газета саҳифаларида чоп этиш имкони чекланиб қолди. Кейинчалик Фарҳод Ортиқовнинг вафоти ҳақида қайғули хабарни эшитиб, афсусландим. Бир инсоннинг ҳаёт нури сўнди, дард уни олиб кетди, оғриқлар эса ҳикояси битигида абадий қолди.
Охирги оғриқ
Шу кунларда дов-дарахтлар ниш ура бошлаган, қушларнинг қўшиғи авжига чиққанми-ей, атроф ажиб куйга тўлганга ўхшайди. Ҳаво тозаланиб, тиниқлашган…Уйғониш палласидаги бу тиниқлик кишига ҳузур бахш этади. Замин томирлари бўртгунча керишганида ундан яшариш нафаси уфуради. Кўк ҳам қўққис дўмбирасини чалиб, юзини ювишга тушади.
Қосим бобо эса ёш боладек мириқиб ухлагани, ухлаган. Кейинги пайтларда унинг кўп ухлаши кампири Бўстон холани ташвишга солди-қўйди. Ўғли Миршод ҳовлидаги ишкомда хомток қилиш билан овора. Отасининг бошини сарак-сарак қилиб, жилмайиб турган нуроний чеҳраси бот-бот Миршоднинг кўз олдига келаверар, гўё хаёли уни ишидан чалғитмоқчи бўларди. Бўстон хола чолидан тез-тез хабар олиб турар, уйқудан уйғонишини интизорлик билан кутарди. Қосим бобо эса осуда уйқу мазасини кўпроқ татишни истаётгандек мизғийверарди.
Кампир чолидан анча ёш. Қосим бобо биринчи хотинига уйланганида фарзанд кўришолмагач, шу кампирига уйланди-ю бир этак ўғил-қизлар қуршовида қолишди. Хотини шунинг учун ҳам уни “бобо”, – деб чақиради. Қосим бобо ўқимишли, ўз даврида юқори лавозимларда ишлагани боис пўрим кийиниб, бўйинбоғ тақиб юришни канда қилмасди. Хуллас, савлатидан от ҳуркарди. Энди-чи? Йиллар ўз ишини қилган, соч-соқоли оппоқ, қанд касали туфайли озиб-тўзган бир чол ёш боладек ухлагани-ухлаган. Бамисоли машқ қилиб, абадий уйқу сирига етишмоқчи бўлаётгандек.
Ана ёш Қосимжонни онаси етаклаб тиш докторига олиб борди. Оппоқ халатли доктор унинг аранг илиниб турган тишини махсус омбур билан астагина тортмоқчи бўлди. Аммо, қўрққанидан дир-дир титраётган Қосимжон дод солиб онасига ёпишди. Қосим бобо ўзининг ғайри оддий овозидан уйғониб, “тишим”, – деб бақирди. Кампири тезда унинг “протез” тишини келтириб, қўлига тутқазди. Кутилмаганда Қосим бобо бу сунъий тишни жаҳл билан улоқтириб, оғзидаги битта-ю битта тишига икки қўллаб ёпишиб, тортмоқчи бўлди, бироқ, оғриқ азобини туйиб шаштидан қайтди. Кампири чолнинг ҳатти-ҳаракатидан ҳайрон бўлиб, “чой ичасиз-ми?” – деб сўради. Қосим бобо сув ичгиси келганини айтди. Кампири олиб келган сувни ичгач, яна ўз тўшагида бамайлихотир уйқуга кетди. Бўстон кампир ўрта эшикни очиб қўйиб, нариги хонада дам олиш учун оҳиста чўзилди-ю ўтмиш хотиралари уйғонди. Ўзларининг навқиронлик даврларини эслаб, хушбахт хаёлларга берилди. Саодатли дамлар эди, умр йўлдошини ўзаро тушуниб яшаш, зурриёдларини қобил инсон қилиб вояга етказиш, бир-бирига суяниб қариш- уларга насиб қилди. Ўғил-қизлари меҳрибон, неваралари суюкли, қавм – қариндош уларга эътиборли, элда қадр топган чолу кампирнинг ҳаётлари фаровон кечди. Бироқ, бу оламда дарду ташвишсиз, ғаму қайғусиз инсон бормикан? Ҳаёт кечмишидаги заҳматлар, оғриқли ғурбатлар ичра кўнгил хотржамлиги, деб номланувчи дуру гавҳарга эришмоқ ҳаммага ҳам насиб қилмаса керак.
Қосимжон ёш, меҳрибон онаси билан яна доктор ҳузурида. “Болажоним қўрқма, дод солмасанг доктор тишингни оғритмасдан секингина тортиб олади,”- деди онаси. Шу топда Қосим бобо тиши суғуриб олингандаги оғриқни ҳис қилди, бамисли бутун борлиқ оғриқ зарбидан титрагандек бўлди…
Бўстон кампирнинг юрагини бирдан даҳшатли ваҳима босди, ўрнидан тура солиб чоли томон югурди. Умр йўлдоши Қосимнинг кўзи юмуқ, оғзи ланг очиқлигини кўриб, бобо оғзингизни ёпсангиз-чи,- дея уни туртган эди, чолнинг жонсиз қўли дивандан пастга осилиб тушди. Бўстон хола айрилиқ даҳшатига чидолмай додлаб юборди. Қосим бобо жон берган эди. Унинг мушкулини Аллоҳ ўзи осон қилди, ёши саксондан ошган бўлса-да ақлу ҳуши жойида бу инсонни чалғитиб, ўзгача бир охирги оғриқни берди. Уни онаси билан чалғитди, фариштасини доктор қилиб юборди. Бир тиш оғриғини охирги дард-жон оғриғи қилиб берди. Ким билсин, балки бу ҳали осий банда учун охирги азоб эмасдир..
Фарҳод ОРТИҚОВ, (охирати обод бўлсин) Янги йўл қишлоғи
Бир инсоннинг орзу умидлари томири қирқилган майсадек сарғайиб, қовжиради. Қалами дардни кўтара олмай синди, оҳ маҳзун қалам, ижод туҳфасидан маҳрум бўлиб қолган қалам. Армонли дунё синоатларига қай тарзда, қай пайтда дуч келишимизни ҳеч ким айта олмайди. Азизлар, вақт қадрига, соғ-омонлик фурсатларига, умр неъматлари шукрига етиб яшайлик.
Муслима ЁДГОРОВА
Жуда ажойиб