Бадиа

Шукуҳ

Ашъор бу-тинимсиз тўқинланаётган денгиз, бир маромда чайқалаверади, мутаносиб тебранишлар такрор-такрор оқиб келаверади, тутқич бермай ўтиб кетиш эҳтимоли ҳам бор. Тўлқинлар тегрангда тинмай сузади, уларнинг тебранишидаги уйғунликка мослашмоқ мумкинми? Кўнгил истаган сокинлик тўлқин қанотида баҳузур учади, уни сезган сезади, сезмаган эса шопирилган тебраниш товушини эшитади холос. Баъзида унинг мавжланиши осойишта сиртга монанд бўлса-да, тубида бўрон тинмайди. У кўчкилар ҳосил қилиб эскини янгилайди, сузгичлар ўрнини алмаштириб, оқим йўсинини ўзгартирадиган қудратга эга. Денгиз шивирига қулоқ тутганингда қалб ирмоғингга ҳатто кичкина томчилар сачраса ҳам унинг қувватидан руҳинг уйғонади. Онгу шуурингга шеърият гўзаллик сифатида оқиб кириб эзгулик булоғини тўлдиради. Шунда денгиз тўлқини мавжи нашъасини туясан.

Насим ўз кўксида назм шукуҳини олиб келадиган дамлар бўлади. Унинг бағрига сингий олсанг бас, ҳузурбаҳш арғимчоғида кўкларга учасан. Хаёлот дунёсида оҳанрабо машқлар битиб хушсийрат сабога айланишни истайсан. У гоҳида қалбингга тўфон бўлиб ёпирилиб келади, унинг маромига дош бермоқ учун тахайюл оламингга туташ илдизлар шу қадар мустаҳкам бўлиши керакки, борлиғингни чирпирак бўлишдан асрасин. Чанг-тўзон кўтарилса ботинингни тўзғитмасин дея сирли дунёингни тафтиш қилиб, ғализлик ва маънисизликдан даво излайсан. Юксак маънолар қасрига кўчиб ҳаво тўлқинларининг овозига қулоқ тутасан ва ҳаволанган қутқуларни енгишга интиласан. Ложувард осмонда сузаётган сара сўзлар илҳомини қониқиб симирасан ва майин сабо қанотида учиш завқини ҳис қиласан.

Тафаккурингда ногоҳ учқун сачрайди-ю унинг чўғидан оташланиб куясан. Олов тўлқини ичра безовталикка чўлғанмоқ, лов-лов ёнаётган сўзлар тафтини ҳис этмоқликни, бетакрор оташида масъуд ёнмоқликни истайсан. Кўзларинг чақнаб қуёшга боқасан, нур эмган туйғулар нигоҳингдан сачрайди. Шеърий мисраларни алангага тутиб тоблайверасан, ўз тусини ва шамойилини ҳосил қилгунича тоблайверасан, алал оқибат ўзинг ҳам шуълаларга қоришиб кетасан. Ёрқин қатраларда гўзалликнинг, ёғдуда нурафшонликнинг, равшан хаёлларда ёруғ орзуларнинг, зиё ёлқинида покликнинг мавжудлигини ҳис қиласан ва олов тафтидаги жилога монанд товланиш туйғусидан қизарасан.

Замин табиатнинг тароватли ва саховатли кўркидир. Унда томирларга қувват бахш этгувчи ўсиш ва гуллаш тимсоли яшайди. Оёғинг остида ер бетиним айланади, ажабки ўз фазосида масрурона тебранишини ҳар доим ҳам ҳис қилавермайсан. Шу тупроқ абадул-абад сенинг маконинг эканлигидан тўлқинланасан, хаёлларинг кенгликларни қучганида бутун борлиғи билан қучоғингга сиғгудай чексизликка томон югурасан. Баъзан унинг қаърида зилзила жунбушга келиб, зарраларни титратганида яна бир эпкин кучини сезасан, бу ғалаённи яхшиликка йўйсанг тупроқдан унган гиёҳга мафтун боқиб, кўзингга суртасан. Унинг ранг-баранглигидан туйғуларинг ранг олади ва камалакдек тусланади, унинг ёқимли ҳидларидан кўнгил бўстонинг хушбўйларга тўлади ва сийратида шеър яралади. Сархушликда тоғу тошлардан ўтиб, чўлу биёбонларни кезиб сўз гавҳарини излашга тушасан-у замин ва замон нафасидаги жўшқин садога овозингни созлаш машқини оласан.

Муслима Ёдгорова, 12.08.2020 йил

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x