Мақола

Маърифий уйғониш

Илму маърифатдан баҳраманд бўлган инсоннинг борлиқ оламига нур ёғилиб туради. Инсон туғилганидан то бу фоний дунёни тарк этгунича яхши тарбияга сазовор бўлиши ва эзгуликка хизмат қиладиган билимларни эгаллашни узлуксиз давом эттира олиши унинг маърифат нурини ҳис қилиши ва зиёга юз тутишига боғлиқ. Зиёга юзланиш дегани бу – газета, журнал ва китоб мутолаасини ҳар кунги эзгу амалга айлантириш, ҳар тонг қуёш чиқишини шукроналик ила кутиб олиш ва ундан нур эмиб завқланиш, бахтга йўғрилиш дегани. Қуёш нур сочмай қўйса ерда ҳаёт сўнади, ахир зиёга интилиш инсон умрининг асл ҳақиқати эмасми. Айниқса, маърифат сари йўл бошловчилик қилаётган ўқитувчининг ўзи китоб мутолаасини маънавий эҳтиёжга айлантира олмаса ачинарли ҳол. Маърифатга қалб даъвати билан ошно бўлган, билимини мунтазам ва бутун умри давомида оширишга, касб-ҳунар сирларини илмий асосда ўрганишга доимо шай турган инсонга “Газета ўқи!”, ”Китоб мутолаа қил!”, дея мажбурлашнинг ҳожати борми?
Китоб ўқишни истамайдиган киши сояда қолиб сарғайган нимжон ниҳолга ўхшайди. Ўсишни истаган мавжудот борки ёруғликка интилади. Сояда ғира-ширалик, заифлик, ожизлик ҳукмронлик қилади. Сояда карахтлик, ялқовлик, бепарволик бор. Моддият ташвишининг мутлақ соясида қолиб кетган инсон қўлига китоб тутқазиб кўринг-чи, уни ўқимаслик учун қанчалар важ-корсон тўқиб ташлайди экан. Ёруғлик етарли бўлмаган том маънодаги сояли муҳитда китоб ўқиш минг машаққат, ана шу қийинчилик унинг нурафшон оламга қадам ташлашига бўлган тушовнинг ўзидир. Афсуски, аслида соя унинг ўзининг қалбидаги ғафлат тузоғидир. Маърифат нурига ошно одамнинг эса онги, шуури ёришиб жилваланади. Чунки у китобга ошно бўлиш эҳтиёжини дилдан англайди, чин маънодаги мутолаа тафаккур теранлиги, дунёқараш мукаммаллиги зарурияти, олам сирларини англаш, ҳаётнинг мазмун-моҳиятини тушуниш, юксалиш имконияти эканлигини яхши билади.
Инсоннинг мол-дунё орттиришга ружу қўйиши, кўнгил косаси фақат моддият ташвишу хаёллари билан тўлиб тошганлиги ҳақиқий фожеа. Бу ёруғ олам нафақт кўзимиз кўргулик, қўлимиз тутгулик нарсалардан иборат, балки атрофимизда биз англамаган зарралар, ўзгача тўлқинлар кезиб, тафаккур тўлқинларимизни созлаб тургандир. Коинотдаги оламни бус-бутун тутиб турувчи кучлар ўз қудрати билан бизга гоҳ ижобий, гоҳ салбий тарзда таъсир этаётгандир. Балки ўзимиз ҳам ҳаёт уммонида тўлқиндирмиз, сояга тортилувчи ёхуд нурга интилувчи.
Донишмандлар таъкидлаганидек, китоб ўқиб, маърифатга етишиш, маънавият ишқини туйиш инсонни саодатга етказади. Яхши китоблардан нур таралади, мутолаа ана шу нурга қоришмоқ дегани эмасми? Нурни истаган, унга интилган ҳамда эришган қалблардан таралаётган шуур бора-бора ёғдуланиши муқаррар. Ҳа, авваламбор китоб ўқишни чин дилдан хоҳлаш, қизиқиш шунингдек, иштиёқ билан мутолаага интилиш китобхонлик, маънавиятлилик ва маърифатлилик мавқеига эришишда муҳим омил ҳисобланади.

Муслима Ёдгорова

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

3 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
Nodirbek Hojimatov
4 лет назад

G’oyat ajoyib.Gap yo’q umuman she’rlaringiz ilhom baxsh etadi menga

Nodirbek Hojimatov
4 лет назад

Ustoz imkoni bo’lsa siz bilan ijod masalasida suhbat qurgim bor.Imkoni bo’lsa bir oz lahzaga menga vaqt ajirating.Farg’onadan muhlisingin Nodirbek Hojimatov +998911188892

3
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x