Шеър

Куз илҳомлари

Куз

Кузнинг эгни яна сарғайди
Яноғи ҳам сирли, зарғалдоқ.
Борлиқ гўё чирт-чирт узилар
Армон энди унга қизғалдоқ.

Тўкилади бўлиб пояндоз
Бор андуҳлар унинг пойига.
Тўлиб-тошиб бағри сўкилар
Тушмоқ учун сукут пайига.

Синовмиди ўша қаҳратон,
Бетакрор баҳорга айлангай.
Ёзланиб-у ажаб созланиб,
“Олтин”ига томон шайлангай.

Тобланганлик мақоми ёрдир,
Таъзим этар вазмин эгилиб.
Чорловининг фурсати бордир,
Етилади ҳикмат тугилиб.

Кузнинг эгни яна сарғайди
Яноғи ҳам сирли, зарғалдоқ.

20.09.2020 йил


Куз фазли

Чор-атроф ҳам тўлишди кузнинг фазлига,
Япроқ пояндозлар шитирлар беҳол.
Гар маҳзун бўлиб боқсам зарҳал фаслига,
Кўнгил яшилликни тусаса не ҳол.

Сарғайган яшилликда тимсоли ёниқ,
Жилога ошуфта турфа бу олам.
Тингласам ишоралар беради тиниқ,
Истасм гулзорин тўшар пойимга.

Нафосату саҳоват боби тўлишди,
Кузакка эврилди табиат бугун.
Тўкин боғга айланмоқ илмин бўлишди,
Бойланиб қолгулик хушҳол васлига.

21.09.2020 йил


Мавсум

Кузнинг таровати дала кезади,
Чаноқлар панжасин очмоқда бир-бир.
Ҳосил пахтазорни оппоқ безади,
Теримчига интиқ чорлови бордир.

Барака хирмони ўсгайдир шиддат,
Пахтакор меҳнатин кўз-кўзлаб элга.
Тупроқдан оқ-олтин ундириш одат,
Фаровон истиқбол пайваста дилга.

Долзарб йиғим-терим мавсуми қизғин,
Иштиёқи зўрки мададкор элим.
Ҳосил кўтаришда уюшиб йиғин,
Қўллаб-қувватлагай, хотиржам дилим.

Орзулари оппоқ деҳқоним ҳорманг,
Ҳосилдор навларни ундириб такрор.
Инновациялар йўлида толманг,
Меҳнатида меҳри Ватанга иқрор.

22.09.2020 йил


Куз изҳори

Эврилиш фаслинг келди-ку, кўнгилнинг зори,
Сарғайган гиналарни тўккали буткул.
Яна кизғину кизғишдир кузнинг изҳори,
Армонларни дилингдан хазон каби юл.

Дардчил барглар дардларини тўкар намоён,
Бандлари инграгудек чирт-чирт узилиб.
Азобли минг аламларга бўлгудек поён,
Ва, қадамлар тагида тўзғир эзилиб.

Гар, олтин куз ўз ижоди тасвирига лол,
Табиатнинг либоси ўзгариб боргай.
Тилла баргли куз сўқмоғи йўлига кўз сол,
Вақтнинг айни суратин куз чизиб бергай.

Саховатли борлиғини тўкиб-сочар куз,
Қут-барака, мурувват қўлларин тутиб.
Чор-атроф гўзаллигига тополмасанг сўз,
Мамнун бўл куз ширасин симириб-тотиб.

Нолимоқлик мумкинми кузнинг кўркидан, айт,
Йиғиб-териб атрофни кузатганда куз.
Боқ, табиат ўз-ўзини тозалаган пайт,
Куз каби янгиланиш режасини туз.


Саодатли маскан

Тонгда кузни кузатдим, фасли тўкинлик
Салқин таъби ярашгай унинг ойига.
Хайрли карвони келар тўла-юкунлик,
Шукроналик тўкилгай унинг пойига.

Уйлари турнақатор тизилган работ,
Равон йўлнинг ёнбоши далага туташ.
Қулай котежларнинг кўрки ўзгача обод,
Саодатли маскан, деб жоиздир аташ.

Нақл борки: Бирлашган эл ўзади охир,
Бирдамлиги намоён байрам, тўйида.
Инсон қадр топган жойда омонлик сохир,
Фаравонлик шукуҳи кўнгил ўйида.

Тадбиркор халқимга хосдир сайъ-ҳаракат,
Файзиёб маҳаллалар яшнасин гуллаб.
Хайру саҳоватига қўшар баракот,
Истиқболга чорласа Ватани қўллаб.

24.09.2020 йил


Кузим келибди

Боқсам ёзим кетиб кузим келибди,
Бошимда соябон абри найсонлар.
Ўткинчи вақт тинмай дилим тилибди,
Дардимга малҳамсиз, азиз инсонлар.

Гулзор уруғлагай етилиб бўлиқ,
Мевалар бағрида яйрагай данак.
Кузнинг сандиғи бор саранжом, тўлиқ,
Хазон хавотири қийнайди андак.

Ҳикмат изласам куз бағрига сингиб,
Жилмайиб боқади қуёши кўкдан.
Гарчи умр дарахти сарғайса синиб,
Ҳаёт новдалари илинжи кўкдан.

Гўзаллик сурати кўзимда зоҳир,
Эзгулик сийрати қалбим тўрида.
Яратиш бобида табиат моҳир,
Тасвир туғилади илҳом қўрида.

Боқаман кўркига қўлимда қалам,
Масрур ёзавергум куз тароватин.
Борлиқ назаримда ибратли олам,
Кафтида тутганда ўз саҳоватин.

26.09.2020 йил

Муслима Ёдгорова

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x