Мақола

Газета моҳиятан ижодга чорлайди

Ўрта мактабда ўқиб юрган чоғларимда укаларим ва сингилларимни атрофимга тўплаб, билмадим нутқим равон бўлсин дебми, баланд овозда газета ўқиб берардим, улар жон қулоқлари билан тинглашарди. Дарсликдаги овоз чиқариб ёдлаган шеърларимни улар ҳам ёд олишарди. Адашмасам, 1971 йил бўлса керак машқ қилиб ёзган шеърларимни республикада болалар учун нашр этиладиган газеталардан бирига юборган эдим, таҳририятдан “Кўпроқ китоб ўқинг, шеърлар ёзишни машқ қилишдан тўхтаманг” мазмунидаги жавоб хати келганида гарчи, шеърим газетада чиқмаган бўлса-да кўнглимдан кечган ҳаяжонни ҳали ҳануз эслайман. Мактабда байрам саналарига бағишлаб деворий газета чиқариларди, унга мен ҳам редколлегия, яъни таҳририят аъзоси сифатида мақолалар ёзиб турардим. Ўзим тузган ребусни деворий газетага чизганман, уни тўғри ечилса, ҳикматли сўз келиб чиқарди. Кўнгилда уйғонган ҳавас куртаклари бўй кўрсатиши мураккаб жараён экан. Негадир ўшанда келажакда врач бўламан деган фикр миямда қаттиқ ўрнашиб олган экан-ми ёки бадиий ижодкорлик касблари ҳақида тушунчам етарли бўлмаган-ми адабиётшунос ёинки журналист бўлишни орзу қилмаган эканман.
Бухоро Давлат педагогика институти (ҳозирги БухДУ) да ўқиб юрган пайтларимда машқ қилган шеърларим устоз журналист Жаҳонгир Исмоилов тавсияси билан олий ўқув юртининг “Илғор фан учун” номли газетасида чоп этилган. Ижод оламига чин маънода ошно бўлиш учун тинимсиз ўқиш, изланиш, ҳаётга ўзгача назар билан боқиб, ундаги ҳикматларни қалбан туюиш машаққатлари бор, албатта. Кейинчалик, 1984 йилда туман газетасининг “Иқбол” хотин-қизлар саҳифасида ўша даврда туман Поликлиникаси гинекология бўлимида бош ҳамшира вазифасида фаолият олиб борган онажоним Махфуза опа ҳақида “Мазмунли ҳаёт эгаси” сарлавҳали мақола чиққан. Мақола муаллифи Зевар Бердиева унга шоира Зулфияхонимнинг
…Биласизми, танга сиз берган сиҳат.
Бир хазина, мендай қаламга зорга,
Тушингизга кирсин, биз айтар раҳмат… сатрларини иқтибос қилиб келтирган. Кўзимга гулдастадек, муборак бир ёзувдек кўринган шу газетани оила даврасида ўқиб берганимда ҳамма шод-хуррам бўлиб чапак чалиб юборишган.
Туман халқ маорифи (ҳозирги халқ таълими) бўлимида мактабгача таълим бўйича методист вазифасида ишлаган кезларимда илғор тарбиячи Обида Ашрапованинг тажрибасини оммалаштириш мақсадида каттагина мақола ёзиб, шу асосда Ромитан туман босмахонасида варақа (листовка) чиқартирганман. Бу тарбиячининг самимийлиги, болаларни дилдан севиши, ўз ишига бўлган меҳри ва садоқати менинг диққатимни тортган эди. Унинг ўзига хос маҳорати яққол кўзга ташланиб турарди. Ўшанда оддий, яхши бир инсон ҳақида мақола ёзганимдан қалбимда фахр туйганман.
Туман ижроия қўмитаси раис ўринбосари бўлиб ишлаганимда бир журналист билан нохуш тўқнашув ҳам юз берган. Ҳаёт йўллари бир текис бўлмас экан, бу воқеа мен учун дардли хотира бўлиб қолди. Кейинчалик, 2000 йилдан бошлаб тумандаги ўрта махсус касб ҳунар таълими муассасаси (касб-ҳунар коллежи) да ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари вазифасида ишлаган пайтларимда таълим соҳасига оид газета ва журналларда замонавий педагогик технологиялар бўйича чиққан мақолаларни ўргана бошладим. Шу соҳага доир қўлланма ва адабиётларни мутолаа қилиш билан бирга мустақил равишда ижодий изланишлар олиб бордим. Таълим дастури асосида илмий-услубий дарс ишланмалари ва мақолалар ёзишга киришдим. Ўқитувчилар жамоаси учун инновацион педагогик технологияларни қўллаш бўйича семинар-тренинглар тайёрлаб, амалиётга қўллай бошладим. Гўё, ижод эшиклари очилгандек, ёзган шеърлар, эссе ва қатраларимни вилоят ҳамда туман газета ва журналларида чоп эттириш насиб қилди.
Ижод лаҳзалари таровати борган сари инсонни ўзига ром этаверади, албатта, бу ўз-ўзидан рўй бермайди. Унинг оламига ошно бўлиш учун тинмай ўқиш, фикр юритиш ва ёзиш заруриятига Аллоҳ томонидан берилган илҳом ҳамоҳанг бўлмоғи даркор. Мақолами, маъруза ёки ахборот матними 3-4 маротаба қайта ишлаб, уни такрор-такрор кўчиришдан ва компьютерда битталаб теришдан эринмаслик, том маънода “қора” меҳнат қилишда мукаммаллик сири яширин эканлигини англадим!
2005 йилда онажоним ҳақида шеър ёзиб, туман газетасига олиб бордим, ўшанда муҳаррир бўлиб ишлаётган Дилбар Раҳмонова шоира Зулфияхонимнинг
“ – Янги туғилган чақалоқнинг йиғисини биринчи
бўлиб эшитадиган дояга ҳавас қиламан”, деган сўзларини иқтибос сифатида киритиб, газетага чоп эттирди. Бу тасодиф эмас албатта, Аллоҳ қалбга солган эътироф эди.
Яхшиларга ёндаштирсин, дея айтилган ниятнинг нақадар умидбахшлигини 2006 йилда Бухоро давлат университетида бўлган семинарда Самарқанд давлат университети профессори, Халқаро педагогика фанлари академиясининг мухбир аъзоси Облоқул Қувондиқов билан бўлиб ўтган учрашувда ҳис этдим. Мен анча аввалроқ республикада чиқадиган газеталардан бирида О.Қувондиқовнинг синергетикага оид чоп этилган мақоласини ўқиганлигим туфайли фикр билдирдим ва шу семинар жараёнида “Физикадан модулли дарс” номли дарс ишланмамга устознинг эътиборлари тушиб қолди. Мени СамДУ га таклиф қилиб, “- Илмий-услубий ишингизда диссертабеллик бор, яъни уни мукаммал ишлаб чиққансиз”- деб қўлланма сифатида чоп этиш учун тавсиянома ёзиб бердилар. Шундан кейин инновацион педагогик технологияларга оид илмий-услубий қўлланма ва бир неча мақолалар чоп этишга муваффақ бўлдим. Шогирдлар қалбига улкан умид бахш этувчи устозларнинг улуғворлиги беқиёс.
Мутолаа инсонни ижодга ошно қилиб, қалбини нурга тўлдириши рост. “Йўлингни мунаввар эт!” сарлавҳали дил изҳори ёзиб, “Маърифат” газетаси таҳририятига жўнатган эдим, 2007 йил феврал ойидаги сонида чоп этилди. Ҳар бир инсонга ижод қилиш эркинлиги берилган экан бу имкониятдан фойдаланишга улгуриб қолиш, энг муҳими самимият билан қўлга китоб олиб ўқиш ва ихлос билан ёзиш жараёнида қалбни тозалаш шукуҳини ҳис қилишдир. Эътироф ҳам ўз ўрнида инсонга куч бағишлар экан. 2007 йилда “Бухоронома” газетасида меҳнат фаолиятимга оид журналист Акбар Рустамовнинг “Муаллим ҳам ижодкор” номли мақоласи чиқди. Демак, ижоддан тўхтамаслигим керак!
2013 йили “Руҳчан маъво” номли эссе ёзиб, туман газетаси таҳририятига олиб бордим, муҳаррир Зуҳра Қурбонова уни ўқиб, – “Анчайин мураккаб тилда ёзилган экан, ҳа, майли унинг ҳам ўз ўқувчиси бўлади”, дея олиб қолди. Шу эссе газетага чиққанидан кейин, йўлда кетаётсам, тумандаги корхоналардан бирида раҳбар лавозимида ишлаган, айни пайтда қарилик гаштини сураётган Нарзулла ака билан учрашиб қолдик. “- Раҳмат, ёзган мақолангиз учун, мазмуни теран, қизиқарли чиқибди, яна ижодингиздан намуналар кутиб қоламиз”, деб миннатдорчилик билдирди. Халқимиз орасида ихлос билан газета ўқийдиган инсонлар бор экан газета ўлмайди. Маърифат истаган қалблар газета ўқишдан тўхтамайди! Инсон бу ёруғ оламда умр кечирар экан, Аллоҳ унга гоҳ-гоҳида ҳаётий муаммоларга тегишли аломат ёки белгиларни, огоҳлик қўнғироқчалари овозини йўллаб тураркан. Шу аломатларни илғай олиш, қўнғироқчалар жаранги садосини эшита олиш, яхшилик-ёмонлик, гўзаллик-ёвузлик кабиларнинг фарқини англаш ва ҳақ йўлни таниш мақсадида оламга қалб кўзи билан боқиш ирфоний эҳтиёждир.
Ахборот коммуникация технологиялари инженер-дастурчи мутахассислигини эгаллаган ўғлим Маҳмуджон 2014 йилда жаҳон интернет тармоғида “nastarin.ru” web sayt очиб берганлиги айниқса қалбимни қувончга, шукроналик туйғусига тўлдирди. Қоғоз, қаламда ижод қилиш, уларни компьютер воситасида электрон ҳолатга келтириш ва ўзимнинг шахсий веб сайтимда нашр этиш менга олам-олам завқ бағишлайди. Ушбу сайт жорий йилда “hamroz.uz” номи билан қайта рўйхатдан ўтказилиб, интенет тармоғидаги “ziyonet.uz” таълим порталига жойлаштирилди. Шоирлик даъво қилишдан йироқман бироқ, ўзимни умр давомида замондан ортда қолмаслик учун маърифатга, адабиётга қалбан боғланган ҳолда тинмай югураётган, оммавий ахборот воситалари қанотига илиниб олиб учаётган одамга ўхшатаман. Маънавият чашмасига ошуфталик саодатини ҳис қиляпман, жилға бўлиб дарёга интилаётган тўлқинга ўхшайман, гўё!
Йиллар давомида газета билан бўлган ирфоний мулоқот мени янада унга яқинлаштирди. 2010 йилда пенсияга чиққан бўлсам-да бош муҳаррир Ҳурмат Шаропованинг таклифи билан 2019 йилдан буён туман газетасида мухбир вазифасида ижод қиляпман. Таълим соҳасида раҳбарлик лавозимларида фаолият олиб борган, раҳматли устоз Умар Бадировни хотирлаб ёки физик-кимё бўйича фан докторлигини ёқлаган юртдошимиз ёш олим Шахобиддин Адизов ҳақида ва бошқа кўплаб ёзаётган мақолаларим илҳом парвозини юксалтиришига умид қиламан. Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси Бухоро вилоят бўлими раиси Шодмон Сулаймон тавсияси билан нашрдан чиққан “Нурли туйғулар” (Шеърлар. Эсселар. Қатралар. Руҳият манзаралари.) номли китобим ҳам узоқ йиллик меҳнатим самараси ҳисобланади. Ниш урган куртакни парваришлаш лозим бўлганидек, йилт этган истеъдод учқунини алангалатиш учун бир умр ёниб яшаш кераклигини ҳис қилиш, машаққатлардан чекинмаслик, нафис адабиёт суҳбатларига, устозлар ўгитларига қулоқ тутиш муҳим аҳамиятга эга. Англадим-ки, мукаммал ва сара асарларни, газета ва журналларни ўқиш, шу аснода илҳом оламига кўчиб ёзиш сурури қалбни поклайди, тафаккурни янгилайди, инсонни гўзалликка ошно этади!
14.05.2021 йил

0 0 голоса
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x