Шоир назмидан руҳланиб…
Мозийни билиш, бугунни англаш ва келажакни тасаввур этиш умидида китоб ўқимоқлик саодатдир. Мутолаа орқали ижод оламига йўл очилса ажабмас. Ижод ўзига хос жозибаси ила мафтун этувчи руҳият оламидир. Ижод оламига ошно бўлиш истагида ёнган дил адаблар уммонида қулоч отиб сузмаса бўлурми? Мутолаа кемасида сузгич довотларни эшиб, хушланмоқ ҳиссини қалбан туймоқликка мушарраф этувчи дақиқалар аслияти кимга тутқич бергай?
Шоир Рауф Парфининг шеърларини ўқиб хаёлга толдим. Дардли назмида дарвешона ташбеҳлар, сирли ва таъсирчан туйғулар изҳори бор. Шоир шеъриятида ҳақиқатни уйғотмоқ орзусида изтиробдан титровчи сўзларни, қувончни излаб топмоқ умидида андуҳ бўлиб тўкилган фикрларни, қутқулар йўлини тўсмоқ илинжида маҳзун тўшалган мисраларни учратасиз.
Сўзнинг гулҳанида руҳим исинди,
Ул юлдуз, ойларнинг сўзин ўқирдим.
Лабларим ёрилди, тишларим синди,
Хаёлимдан олтин қафас тўқирдим.
У кўнгил оламига кўчиб бўзлаган, Ватан тупроғини қучиб сўзлаган, кабутар парвозидан ўзиб яшаган шоирдир. Қалбини дард ларзага солган дамларда ҳам ҳурриятидан айро тушмади, топган маънолари ёниқ, сўзлари оташин бўлиб қолаверди. У Еру осмон ва инсону фалакнинг пинҳон суҳбатларига маҳлиё бўлган дил соҳиби эди.
Дилу жон ўртанар, дил ором излар,
Илҳомнинг пичоғи санчилар буткул.
Ловуллаб ёнмоқда ойлар, юлдузлар,
Орзумнинг қуёши бўлмакдадир кул.
Оламнинг шод ва қайғули оҳангларини илғай олган, дунёнинг рангдор жилосини ёрқин кўра олган ва уларни ўзига хос кашф эта олган шоир эди Рауф Парфи.
Оҳанг варақлайди дунёни,
Дунё-ўқилмаган бир китоб.
Зангори товушлар уммони-
Астагина бақирар рубоб…
Асл шеърият кашшофига хос бўлган ўқувчанлик ва илҳом булоғида тинмай оқувчанлик, яратиб-яралувчанлик билсангиз фақат сурурваш руҳда мужассам топгай. Албатта, шеър бўлиб қайта туғилмоқ, назмга ошуфта қалбларда яшаб қолмоқ сири аён бўлгач, уни баён этмоқлик илҳом парвозига вобаста машаққат эрур.
Қалб ва руҳият бирлигида шеър битмоққа ташналикда дил дард чекса, ажабмас, мутолаа баҳрида қулоч отиб сузмоқ ва оламлар чегарасидан сингиб ўтиш илинжида хаёлот фазосида эркка айланиб учмоқ ҳамда гўзалликка қоришмоқ маъвосидан баҳраманд бўлса. Алалхусус, қалбда шеърхонлик завқи жўшса, дил тўрида ижод гурунги, мушоира оҳанги таралиб турса назм довонига етгайсиз.
Ўтли туйғуларини мисраларга гулдек тизмоқни истаган шеърият шайдолари, назм гулшанида масрур кезмоқ умидида бўлган замондошим бизга мерос бўлган ибрат сабоқларини ўқиб зора, қалбингиз илҳом маъданидан баҳра олгай ва ижод йўлингиз нурафшон бўлгай.
30.04.2021 йил