ВАТАН ИШҚИ
Гоҳо хориж шаббодаси эсиб қолса,
Ўзга юртлар минг товланиб ғулу солса,
Қалбга туташ ришталарни ечолмайман,
Ватанимдан мангуга мен кечолмайман,
Гупурган минг томиримда, қонимдадир,
Ватан ишқи юрагимда, жонимдадир.
Қулоқ тутсам дунё сўзлар турли тилда,
Улуғ битик-ўзбек тилим нақши дилда,
Ҳар элатнинг гап-сўзида оҳанг ўзга,
Давлат тилим ардоқлайман кўчиб кўзга,
Гупурган минг томиримда, қонимдадир,
Она тилим юрагимда, жонимдадир.
Янги ғоя, янги услуб ҳақда сўзлаб,
Элим бугун енг шимарган тадбир кўзлаб,
Ёш иқтидор катта кучга айланмоқда,
Устозлар ҳам буюк йўлга шайланмоқда,
Гупурган минг томиримда, қонимдадир,
Азиз халқим юрагимда, жонимдадир.
Ал-Хоразмий, Абу Али ибни Сино,
Навоий-у Улуғбеклар порлоқ сиймо,
Аждодларнинг меросидан олиб қувват,
Энди буюк истиқболга етди навбат,
Гупурган минг томиримда, қонимдадир,
Миллат шаъни юрагимда, жонимдадир.
Боқсам замин тараққиёт бешигида,
Ўзбекистон Ренессанснинг эшигида,
Ободликнинг мезони бор қалбга туташ,
Маърифатнинг машъаласи ёнди оташ,
Гупурган минг томиримда, қонимдадир,
Юксак мақсад юрагимда, жонимдадир.
30.06.2021 йил