
Виртуал йўл
Интернетга кирасан, бармоқлар чаққон,
Каналларни излайсан ютоқиб, шошиб.
Термулганда кўзларга тошмасин чипқон,
Тармоқлардан хабарлар келади тошиб.
Излаганда тасвирлар ялт-юлти кўчар,
Каналлари оқади сувсизу симсиз.
Мониторнинг кўзлари ёнару ўчар,
Сузаётган оқимда қолмайди ҳеч из.
Теле-смартфон кафтингни эгаллаб олгач,
Қайларга у етаклар қўлингдан тутиб.
Томошаси чалғитиб измига солгач,
Афсусланма, ғафлатда надомат ютиб.
Беҳудага соврилиб кетмасин вақтинг,
Хиралашган тасаввур алдамчи бироқ.
Маърифатда илм нури умидбахш нақдинг,
Қалб тубида порласин зиёкор чироқ.
Қай тўлқинда билолсанг фойда-ю зиён,
Бошқарасан созланиб, мурвати қўлда.
Гар истасанг ҳикматин, излашинг аён,
Юксалавер хушиёр виртуал йўлда.
Муслима Ҳамроз
6.10.2022 йил

