
Ўзбек қизлари
Ана, қизлар баҳорни кутиб,
Пешвоз чиқар, дилларда соғинч.
Кўклам чоғи удумин тутиб,
Юз кўрсатар бойчечак тўнғич.
Кийиб олиб ироқи дўппи,
Сайри боғда кезишар шодон.
Гуллар нақши чиройли бўпти,
Қизлар ҳусни ортгайдир чандон.
Атлас кўйлак товланар ял-ял,
Қирқ кокили солланар белда.
Юзларида порлайди ҳилол,
Шундай қизлар суюмли элда.
Ўзбек қизи ўзлиги ўзда,
Хулқи хушу сўзлари асал.
Дилда одоб, ҳаёси кўзда,
Момолари ибрати афзал.
Ибо, ҳаё қалбида шоён,
Малоҳати хулқини безар.
Аслияти топмасин поён,
Гўзалликка эзгулик менгзар.
Миллий либос эгнида кўркам,
Қўлда ҳунар беради оро.
Илм ишқига боғланса маҳкам,
Ўрин топар дунёлар аро.
Муслима Ҳамроз
26.02.2023 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые