
МОМАҚАЙМОҚ
Яшил ўтлоқ тебранади,
гуллари сочқи,
еллари соқчи.
Сарғиш тусда товланади,
момақаймоқлар,
маллақалпоқлар.
Юлсанг агар тобланади,
шираси тутдек,
ғўраси сутдек.
Вақти етиб очилади,
оппоқгуллари,
қоқигуллари.
Паҳмоқ попук сочилади,
парашют мисол,
қанотча тимсол.
Ажаб тугун ечилади,
манзара эркли,
томоша кўркли.
***
Кўм-кўк дашту дала чорлайди,
Чечак бўлиб униб очилган.
Момақаймоқ юзи порлайди,
Гўё чинни гуллар сочилган.
Бандин узсам оҳи тўкилгай,
Оппоқ сутдек дарди томади.
Қоқи ўтнинг бағри сўкилгай,
Учиб-қўнар шуми омади.
Қочиб кетди момиқ хаёли,
Ёрқин гулни излаб топгулик.
Вақти етиб келса заволи,
Уруғ ташир ерни ўпгулик.
Пардек осон чорлар парвозга,
Эсиб танти шамол қўллари.
Парвоз завқин тилар ҳамрозга,
Гулга тўлгач баҳор йўллари.
19.05.2023 йил
Муслима Ҳамроз


Подписаться
0 комментариев
Старые