
ЙЎЛЛАР ЕЛКАСИДА
Кўнглинг синиқларин сочади қуюн,
Тинмай товонингга санчилар тиғи.
Йўллар елкасида синиқлар уюм,
Йиллар тўфонидан тўкилар йиғи.
Дарду ғамларингни ичингга ютгач,
Излаб топинганинг бўларми дармон.
Ғулу қутқуларин шамолга отгач,
Учмоқ шижоати бўлмасми армон.
Умринг довонини кўчкилар тўсса,
Чалкаш сўқмоқларнинг озори қийнар.
Маҳзун туйғуларга тўлади ғусса,
Ғурбат қозонида изтироб қайнар.
Фалак гардунида ўткинчи дунё,
Тақдир ёзиқларин сақлайди махфий.
Олам рўшнолиги эмасдир риё,
Ишққа ошнолигин тилайди сахий.
Кўнгил толаларин чертади хаёл,
Умид парчаларин авайлаб тиклаб.
Оғриқ жилолайди қалбингни алҳол,
Эзгу мақсадларинг рўёбин тилаб.
Қуёш нурларини сочади инон,
Кўнглинг кўтарилса қутлайди тоғлар.
Сенга ҳамрозидил покиза иймон,
Кўнглинг бутунлигин тилаган чоғлар.
Муслима Ҳамроз
25.05.2023 йил

