
Манзара сочади соҳил
- Наҳот, соҳиллар ҳовучида ича олгай уммон чашмасин;
- Денгиз тинмай тебранади, қирғоқ-арғимчоқ;
- Ажаб, соҳиллар анҳорга лаб сунади соғинч симириб;
- Ҳайҳот, соҳиллар сувсаб ранж чекгай саёз сойнинг бўйида;
- Сузолмаган соҳил гўё гилсимон армонни сипқориб тўймас;
- Оқин туш кўради сув томирига занжирбанд қирғоқ;
- Парвоз руҳи келгайдир учиб, соҳил уфққа туташиб кетгач;
- Чиғаноқлар соҳилни томоша қилгач, уни безайди қопқасин очиб;
- Соҳир соҳиллар тошқин оғушида сув сочини эркалар қучиб;
- Ҳовуз қирғоғи мунғаяди мажнунтол соясини елкага ортиб;
- Дала қирғоғида лойқа сувни симиради ариқ пилдираб;
- Қақроқ соҳиллар саҳий тўлқинни симиради тўйиб, қониқиб;
- Серзавқ соҳиллар оқизоқ ўйнайди бағрини очиб;
- Не тонг, соҳиллар яйраб уйғонади тўлқин шавқида;
- Оройиш соҳиллар ўз бағрини ювар сойнинг шаштида;
- Томирларга туташ соҳиллар дарё ўзанини қучади, соқчидек хушёр;
- Ночор инграйди тўлқин зарбидан, бағри ўйилган қирғоқ;
- Маҳзун соҳиллар анҳор шивирини тинглайди мудом;
- Сайҳон соҳиллар ўз дарёсида оқмоқ истагини тасвирлаб ястанар интиқ;
- Ажабо, йиллар соҳилларни оқизмоқ истайди, умидбахш кемаси томон;
- Ҳаёт уммонида сузаётган одам учун ажойиб манзара сочади соҳил;
- Оққан дарё оқаверар қирғоқ қўйнида, сир яшириб соҳил саҳнида.
Муслима Ҳамроз
06.08.2023 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые