
Ёнғин ичинда…
Зарда қилар бўрон, хўб аламзада,
Кўнглим ҳовучида уммон чайқалар.
Борлиқнинг жонида тириклик дарди,
Қийқирар чарх уриб гала чайкалар.
Кулиб турар қуёш оқин ичинда.
Сузишдан ҳориган дарё сингари,
Чўкмоққа шай турсам, титрар қирғоқлар.
Балиқнинг кўзида ҳаётим акси,
Оқимга чирмашар бадбахт қармоқлар.
Кулиб турар қуёш тўлқин ичинда.
Қирларда чексизлик ястаниб ётар,
Ёрқин хаёлларни қучар ҳаволар.
Насим қанотида ҳаяжон учқур,
Найсийрат қалбимга тўлар наволар.
Кулиб турар қуёш ёнғин ичинда.
Муслима ҲАМРОЗ
10.10.2025 йил



Шукрона қалбимга тўлар ёғдулар