
Очун
Қалбим гумбази осмонга туташ,
Оламга сочилгай ложувард нури.
Шамдил парвона, чўғлангай оташ,
Олмос кескичда порлайди дури.
Бағрим поралаб тиғлайди саркаш,
Наҳот изтироб минорин қурди.
Ишқи шуъласин чорлайди маҳваш,
Кўнгил фироқнинг дардини сурди.
Чандон истама, топилмас дардкаш,
Фиғон додига сиғмайди дарди.
Ишқи восила бўлгайми беғаш,
Нурнинг зулматда ошгайдир қадри.
Дунё замонга сиғмагач яккаш,
Дилбон тўрт томон йўлини бурди.
Ҳафиф чорраҳа кўксимга туташ,
Очун жамланиб кўнгилга юрди.
Муслима Ҳамроз
15.12.2023 йил


Подписаться
0 комментариев
Старые