Инсоннинг руҳият
Бу азим дунёда ҳар бир давлатнинг ўз ҳудуди бўлгани каби, ҳар бир инсоннинг шахсан ўзига тегишли маънавий ҳудуди мавжуд. Мамлакатнинг ҳудуди тегишли қонунлар асосида қўриқланади, ҳимоя қилинади.
Инсонийлик экологиясини авайлаб, асраш, фитна ва қабоҳат тузоқларидан ҳимоя қилиш, унинг эзгуликка тўла борлиғини тоза сақлаб, уни эъзозлаш ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўрганмисиз?
Инсоннинг ички олами ҳудуди бу – унинг руҳий оламидаги ўй-хаёллари фазоси, ишқдан яралган ҳур уммони, нафис орзу қанотлари, тафаккурининг ўзанлари, юрак қўридаги иймони, истеъдод чўққилари, ирода қалқони, дунёқарашининг одил мезони, дилистони бўстони, хотирот бисоти, ақлий қуввати, кўнглининг обод довони, ўзигагина хос таъбу табиати, эзгуликка тўла қадрият дунёси, қалбидаги яхшилик тўлқинлари, инсонийлик маъвоси, ширин жонли нозик ҳилқати кабиларнинг бепоёнлиги.
Унинг мусаффо ўй-хаёллари фазосини тўзғитишга, мовий ишқ уммонини тўфонга айлантиришга, нафис орзу қанотларини мажруҳ қилишга, тафаккурининг тўғри ўзанларини издан чиқаришга, юрак қўридаги ёрқин иймонини сўндиришга, истеъдод чўққиларига тош отишга, ирода қалқонини синдиришга, дунёқарашининг одил мезонини бузишга, дилистони бўстонига разолат уруғларини сепишга, ҳикматга йўғрилган хотирот бисотини шикастлашга, қалб ойнасига ёмон ниятда кўз тикишга, ақлий қувватига раҳна солишга, кўнглининг обод довонида изнсиз кезишга, ўзига хос таъбу табиатини камситишга, эзгуликка тўла қадрият дунёсини топташга, қалб тўлқинидаги яхшиликларга ғов бўлишга, инсонийлик маъвосини хўрлашга, ширин жонли нозик ҳилқатини сотишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
Инсон ўзлигини ва ўз-ўзини асраши, ички оламини ҳимоя қила олиши лозимлигини англаши лозим. Бунга билимларни эгалламай, яъни китоб ўқимай туриб, юксак маънавий баркамоллик сари собит қадамлар билан интилмай туриб, ички рағбатсиз, ички қувватсиз, ички курашсиз эришиб бўлмайди.
Муслима Ёдгорова