
Ё…
Ёз чорлар мени,
ёнига келдим,
Ёлғиз эмасман,
Ёр ўзи қўллар.
Ёруғ машъалдек
ёрқин нур сочар,
Ёшлигим кечган
ёлғончи йўллар.
Ёзсам бугун мен
ёзимни алқаб,
Ёқдим яхшини,
ёмондан қочиб.
Ёнган оловни
ёндирсам яна,
Ёзғириб кетмас
ёвқирчўғ сочиб.
Ёлланган шайтон
ёлғиз қўймаса,
Ёвузлик-озор,
ёмонлик қўша.
Ёғий турланиб
ёндирмасин ўт,
Ёлғиз иймонга
ёндашиб яша.
Ёт самоларга
ёйдим хаёлим,
Ёйилиб кетди,
ёрлиқ қадарим.
Ёраб Яратган
ёзганди фармон,
Ёзёвон ичра
ёнди минг дардим.
Ё бир булбулман
ёвшанзор қирда,
Ёки тупроқни
ёриб чиққан гул.
Ёҳуд сочилган
ёқут дурдона,
Ёким нур ичиб
ёнаётган дил.
Ёй отдим, нечун
ёйкамон кулди,
Ёйилиб кетди
ёсуман сочи.
Ёғдуни тўсса
ёмонлик туси,
Ёмғир томчиси
ёғалоқ соқчи.
Ёзғирма, офтоб
ёзнинг нурбахши,
Ёзолсанг достон
ёзгинда тантиқ.
Ёдингда сақла
ёднома азиз,
Ёр ишқи оташ,
ёнишинг аниқ.
Муслима Ҳамроз
13.06.2025 йил
Ёвшан-ўсимлик, майса.

