Қатралар

Қачон…

Сен саҳро текислигидаги бир воҳада дунёга келдинг. Яйдоқ чўлнинг шамоллари гўё, бор ғуборларингни аритмоқ учун тинимсиз эсади. Уммон шовқинидан йироқда саболар суҳбатини тинглайсан, тинглайверасан. Тоғлар ваҳимаси кўнглингни безовта қилмайди. Бироқ, барибир тоғларни соғиниб яшайсан. Осмонинг мусаффо. Аммо, бир кунмас бир кун, йўқликдан пайдо бўлган жарликка қулайсан. Эй, ожиз кўнгил чуқурликнинг қаърига чўкавериб, ниҳоят тубсизлик нима эканлигини ҳис этасан. Шунда ҳиссиёт ҳам иложсиз мунғайиб борлиғингни ўртайди. Изтироб ўтида аланга ичра ўт бўлиб ёнасан, бироқ зулмат сурмаси кўзларинг гавҳарига парда тутади, ғафлатда қоласан. Ғам-қайғу ботқоғи ўз домига тортади, азоб-уқубат чирмовиқ каби оёғингга чирмашиб йўлингни боғлайди. Андуҳ чекавериб кўзларингдан ёш ўрнида қон оқади, лаҳта-лаҳта бўлиб. Юракнинг аҳволига боқ, бу не надомат?! Чидолмайсан, чидам етмайди, ўлиб-тирилмоқ қисмат эканми? Ёмонлик қозони аланга ичида қолганини кўр. Жонинг қайнамоқда, оташкурак кимнинг измида, дод соласан. Аммо, овозинг олов тусида, негадир чақмоқдай чатнамас. Дунё уни ютиб юборар шафқатсизлик доғида, жонинг ачитиб. Куй, ён, алангага айлан, балки покланмоқ фурсати келгай! Кирланган ичингни олов тобласин, куйдириб ташласин нафс ғавғосини. Шунда эркинг қанот ёзгай, сени юксалтирмоқ учун. Ўша сен кўрмаган тоғлар чўққисига тирмашиб етмоқ тақдирингда битилган, ишонганинг сари сени баландликка чиқмоққа ундайди.
Гоҳ уммон тўлқинидай тикка кўтарилиб, гоҳида гирдоб ўпқони тубига чўкиб кетмоқ синовига гувоҳ бўласан. Уммон мавжи тинмас экан синов ҳам боқийдир.
Яхшилик чечак бўлиб қалбингда унганида қалбинг нурга тўлиб, кўзларинг гавҳари чароғон дур чашмасига айланади. Нурафшон офоқ ишқ мактубин йўллайди, ошиқлик рутбасига эврилиб кетасан. Комилликка қай йўсинда етишиш мумкин, унга элтар йўли қайда?!
Зулматни ҳис этмай туриб, нур ва шуурни англамоқ мушкул. Ёмонлик зардобин ичмай яхшилик шаробин тотиб бўлмас. Илҳом шарбати ва заҳмати навбатма-навбат оқиб келаверади, қалбинг кўзасини оби-ҳаёт шавқига тўлдириб. Олам руҳияти ила ҳамроз бўлишни истайсан. Тинглайсан, ёзасан, ёзаверасан, тафаккур қилишга ва моҳият сирини англашга қачон тайёр бўласан?!

Муслима ҲАМРОЗ
10.08.2025 йил

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x