Бадиа

Пурвиқор

Енгил-елпи хаёллар оғушида, содда сўзлар қуршовида ёзилган оддийгина шеър кўнгилга бамайлихотир ўрнаша олмайди, бир қўниб уни беозор қитиқлайди-ю учиб кетади. Кўнгил ўткинчи хуш кайфиятга алданиб қолаверади. Қалбни титратгувчи туйғулар қийноғини, кўнгилни ларзага солгувчи сурурваш азобни ҳис қилиб улгурмоғи душвор. Маънолар мағзини чақишга, парда ортидан ташбеҳлар ҳуснини очиб завқланмоқ учун фурсатга ҳожат ҳам қолмайди. Ахир, саёз ўзанни кечиб ўтиш шу қадар осон-ки, ҳар қандай киши чўкиш эҳтимоли қўрқувини ҳис этмайди. Пўртана оғушидаги чуқур ўзанда эса албатта, қулоч отиб сузиш уқувига эга бўлиш керак. Йўқса, маънолар ўзанида сузишга журъат ҳам этмайди, ҳохиш ҳам туймайди. Шеър аслида кўнгилдаги қийноқлар изтиробини ҳузурланиб ҳис қилмоқлик имконини бермоғи, умр маъносини сипқориб ичолмай озорланганда фатҳбахш ҳис-туйғуларни тақдим этмоғи даркор. Мисраларга шунчаки ёйиб ташланган сўзлар қанчалик мантиқ залворидан маҳрум бўлса, уларни замон шамоли шошқалоқлаб сочиб юборади, ўтмиш йўлларига хазон сингари.
Енгил-елпилик авж олган даврда, оммага ёқиш мақсадида олқишнамо ёзилган шеърнинг ўзи ҳам янада олқиш истайди. Маддоҳликнинг манфур излари бор унда. Маддоҳ сўзлар нафснинг қувваи озуқасидир. Шеърни ижтимоий муаммолар қуролига айлантирмоқликда нима мантиқ бор?! Ахир, шеър фақатгина ижтимоий ҳаёт икир-чикирини тасвирлаш кўзгуси эмас!
Пурвиқор шеърда нозик туйғулар ифор таратса, гўзаллик-ла тўлишган хаёллар чирой очса, жилвакор сўзлар жаранги таралиб турса, қандай соз!

Муслима Ҳамроз
15.10.2024 йил

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
Межтекстовые Отзывы
Посмотреть все комментарии
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x