Чайқалиб турар…
Ана довот, мана тайёр бир қалам,
Мониторга боқсанг қалқиб чиқар сўз.
Тасвир жимирлайди, сафланар ҳарфлар,
Нурланиб турганда порлаб кетар кўз.
Ахборот денгизи чайқалиб турар, Тўлқинга айланиб ҳар дам сузсанг-чи, Нурқалам тафтида дилроз ёзсанг-чи.
Оппоқ қоғоз сирли мўъжиза кутар,
Фикринг маъносидан қолармикан из.
Рақамли дунёга ошно тутиниб,
Соҳир туйғуларни қатор қилиб тиз.
Ахборот денгизи чайқалиб турар, Тубсизлик бобида бир дам сузсанг-чи, Жавоҳир излабон минг роз ёзсанг-чи
Битиклар жонланар саҳнини очса,
Муҳрланган хаёллар иқрори тиғиз.
Хотира омбори боргайдир тўлиб,
Сўз ила суҳбатинг кетмагай беиз.
Ахборот денгизи чайқалиб турар, Рақамли дунёда яйраб сузсанг-чи, Кодланган туйғуга ҳамроз ёзсанг-чи
Муслима ҲАМРОЗ
19.11.2025 йил


