Шеър

Баҳор гулгунсан

Дарахт йўлга тушса йўлчи парвона,
Баҳор ўтиб борар мойчечак сочиб,
Парволар қилмайди кўнгил сайёҳи.
Яшил хаёлимни севиб қоламан,
Булут-ла қувлашар қанотин очиб,
Осмонга чирмашар
капалак оҳи.

Баҳор – гулгунсан,
булбулсан,
ҳузунсан,
осмоним парчаси,
кўнглимнинг дарчаси,
оламнинг барчаси.

Баҳорнинг ортидан ҳайрона боқсам,
Нечун қора лола қовоғин уяр,
Қорайиб кетгайми осмоннинг кўкси.
Эргашиб кетади йиллар сояси,
Кунларнинг адоғи қизариб
куяр,
Шарқда ўксинади тунларнинг акси.

Баҳор – гўзалсан,
афзалсан,
ғазалсан,
ошёним чиройи,
қалбимнинг саройи,
ҳафиф бир оройиш.

Ошуфта кўнгилда гўзаллик васфи,
Гулламоқ мумкиндир йилнинг ҳар фасли,
Бир тола нур шимиб тўлишсанг ойдай.
Офтоб тасаввурим ёришиб кетгай,
Жамулжам бўлгайми пинҳона аслим,
Умрим оқаверар тиниққан
сойдай.

Баҳор – армонсан,
дармонсан,
меҳмонсан,
яшил тилагим,
сирли малагим,
ўтли қаламим.

Муслима ҲАМРОЗ
25.05.2026 йил

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x