Эссе

Асад Гулзода Бухорий

Атроф олам гулларга бурканган, яшиллик майсаларда товланиб кўнгилга завқ бағишлайдиган баҳор кунларининг бирида навқирон Асад ўз кўнглида адабиётга, сўзга меҳр уйгонганини ҳис этди. Ўрта мактабда тожик тилида таълим олар экан, унинг сеҳрига, жозибасига мафтун бўлиб, билимини мустаҳкамлай бошлади. У ўзи олдида чўл этагидан бошланиб, Бухоро орқали Тожикистон тоғларига элтадиган узун йўл, ижод йўли турганлигини қалбан ҳис этарди. У ўсмирлик пайтларида шеърлар ёза бошлаган эди. Мактабни тугатгач, Тожикистон Республикаси Душанбе давлат педагогика университетининг “Тожик тили ва адабиёти” факультетида Носиржон Маъсумий ва Холиқ Мирзозода сингари машҳур устозлардан таълим олар экан, форс-тожик сўзлари тобора кўнглини забт эта бошлади.
Асад Гулов Университетни 1958 йилда тамомлагач ўзи туғилиб ўсган қишлоқдаги 8 – мактабда ўқитувчи, директор вазифаларида фаолият кўрсатди. 1967 йили Бухоро вилояти радиосида эшиттиришлар тожик тилида олиб бориладиган бўлим фаолият бошлади. Асад Гулов радиога ишга ўтиб, тожик тилидаги ранг-баранг дастурларни тайёрлашга киришди. У узоқ йиллар Бухорода тожик тили, адабиёти ва маданиятининг тарғиботчиси бўлиб келди. Ўша даврда тожик адиблари Жалол Икромий, Фазлиддин Муҳаммадиев, Лойиқ Шерали, Бозор Собир, Гулрухсор, Камол Насрулло, Ўрин Кўҳзод ва бошқаларни ўзи тайёрлаган дастурларга таклиф этиб, эшиттиришларнинг мазмунли, таъсирчан ва унутилмас бўлишига эришган.
1980-йиллардан бошлаб Асад Гулзода тахаллуси билан болалар учун шеърлар ёза бошлади ва Тожикистон ҳамда Ўзбекистонда болалар шоири сифатида танилди. А.Гулзоданинг болалар шеърияти худди ўзи каби самимий, ҳаётий, содда ва дилга яқин. Кейинчалик Асад Гулзодаи Бухорий тахаллуси билан ёзган шеърларида ёр ва диёр, ишқ-муҳаббат, шунингдек, Бухоро шаҳри тароватини тараннум этди.
Асад Гулзодаи Бухорийнинг “Labzi Shirin” номли китоби Душанбедаги “Маориф” нашриётида чоп этилган. Шунингдек, унинг “Nasimi Buxoro”, “Xati peshona”, “Shukifahoyi Buxoro”, “Namozi roʻi barg”, “Nafasi bahor” каби китоблари турли йилларда нашр этилган. Бир қатор шеърлари “Kahkashoni orzu” (Тошкент) ва “Guli murod” (Душанбе) тўпламларига киритилган.
Асад Гулзода Бухорий 2003-йилда Тожикистон Ёзувчилар уюшмасига аъзо бўлган. Тожикистонлик адабиёт тарғиботчилари Исмоил Зарифий ва Иброҳим Наққош саъй-ҳаракатлари самараси ўлароқ Асад Гулзодаи Бухорийнинг “Паёми аз Бухоро” (“Бухородан хабарлар”) номли китоби 2022 йилда чоп этилди. 1935 йилда Бухоро вилояти Пешку туманида таваллуд топган таниқли ижодкор Асад Гулзода 2023 йилда, 88 ёшида вафот этган.
Шоир, журналист, тилшунос Асад Гулзодаи Бухорийнинг хизмати шундаки, миллатлараро дўстликни мустаҳкамлашда ўз асарлари орқали адабий кўприк яратди. Бир қатор шоиру олимлар А.Гулзоданинг адабий меъросини ўрганиб, тадқиқ этишмоқда. Сурхондарёлик фалсафа фанлари номзоди, шоир Жаъфар Муҳаммаднинг таниқли шоир ижоди ҳақидаги мулоҳазалари диққатга сазовор. Самарқандлик Одил Нозир бир мақоласида шоирни “Ёлғиз чинор” деб таърифлайди. Биз Асад Гулзода Бухорийнинг адабий меросини чуқурроқ ўрганиб, уни келажак авлодга етказишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. Аслида, халқлар ўртасидаги тотувлик, меҳр-оқибат, ҳаётимизни янада гўзал қилади.

BUXORO
Dar kafi dashtu sahro
Shahri qadim Buxoro,
Qasrhoi purshukӯh
Az ganҷi sangi xoro
Naqshi daru devorat
Zebo astu dilrabo,
Shahrudi puri obat
Gӯyo koni qahrabo,
Manorai Kalonat
Zi abri gardun bolo.
Ta’rixi xosa dorad
Shirbadanu Dilkusho,
Sitorai Maxosa
Gashta Ҷahonoro.
Labi havzi notakror
Faqat xosi Buxoro.
Har gӯshai hisorat
Zebo zi mulki Doro.
Garchi sinnat noravshan
Zistӣ hazorsolaho,
Baroi qavmi toҷik
Vatan hasti Buxoro.
Asad Gulzoda

Таржима:
Дашту саҳро кафтида
Қадим шаҳар Бухоро,
Шукуҳ тўла қасрингда
Тошу ғишт топмиш оро.
Девору эшик нақши
Тарихдан бергай садо,
Шаҳрудингда оққан сув
Мисоли бир қаҳрабо.
Минораи Калон нақ
Булутдан баланд бино,
Ситораи Махоса
Қиссалари дилкушо.
Лаби ҳовуз бағрида
Бухорога хос жило,
Гўшангда ҳасрат недан,
Доро юртидан зебо.
Гарчи аниқмас ёшинг
Шарифсан олам аро,
Тожик-ўзбек қалбида
Ўзинг Ватан Бухоро.

Муслима ҲАМРОЗ, шоира

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x