Мансуралар

Мувозанат

(Мансура)

Кўл сокин жимирлайди, унинг юзида нилуфар чиройини очиб жилмаяди. Гулнинг япроқларини сув томчилари тинмай ювгани ювган, ғуборлардан бутунлай арисин дея. Кўл бетида қайиқ қалқийди, қанийди муҳташам бир кемадаги йўловчи каби сокин сузиб кетолсайдим, узоқ-узоқларга боқаман, сузгичлар менга бўйсинармикан?! Қайиқ гоҳ у томонга, гоҳ бу томонга лопиллайди. Кўнглим мувозанатни йўқотганга ўхшайди, қайғуга чўкиб кетиш ҳеч гап эмас.
Сув сиртида ой нурлари жимирлайди, ажаб шу дамда ой сузяптими ёки олам денгизи уфққа томон оҳиста оқиб кетаяптими? Кўнглим безовта туйғулар тўлқинидан беҳузур бўлишни бас қилмайди. Қайиқни жиловсиз хаёл шиддати тинимсиз тортқилайди, денгиз ўркачлари уни чорлагани чорлаган. Қирғоқ ўксинади дунё чеккасида қолиб кетдим деб. Таскин топмоқ учун сувнинг шивирлашини таржима қилишга тушади, чарх уриб учаётган чағалайлар робитаси жонлансин дея. Соҳил денгиз сиёҳи ила ўз кафтига тўлқин расмини чизиш билан машғул бўлади, тунда тўлишиб турган ой томоша қилармикан, завқланиб?!
Томиримда тўлқин югуради, ҳаёт зарралари билан юракни тўлдирмоқ учун. Томиримда оққан денгиз қип-қизил атиргул баргига шудринг бўлиб томса, ажабмас. Балки, қачондир ёмғир бўлиб ёғар кўнгилдан кўнгилга. Ёмғирдан сўнг анор донасидан бир ширин замзама сирқийди. Анорий туйғу юрагимга оқиб келиб уни тўлдирмоққа тушади. Кўнгил булоғи кўл тубидан ошиб чиқиб уммонга қадар йўл топар экан мувозанат чизиғи олам чексизлигига туташиб кетармикан?!

Муслима ҲАМРОЗ18.07.2026 йил

1 1 голос
Рейтинг статьи
Подписаться
Уведомить о

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.

0 комментариев
Старые
Новые Популярные
0
Оставьте комментарий! Напишите, что думаете по поводу статьи.x